геологи

“ЁШ ГЕОЛОГ” РЕСПУБЛИКА ОЛИМПИАДАСИНИНГ НИЗОМИ


  1. Умумий қоидалар
  2. Олимпиада мақсад ва вазифалари
  3. Олимпиаданинг ташкилий қўмитаси
  4. Олимпиада ўтказиш тартиби
  5. Олимпиадани молиялаштириш
  6. Олимпиаданинг синов шартлари
  7. Ғолиблар ва.уларнинг устозларини тақдирлаш

Кириш

    Геологик билимларнинг ўзига хос хусусияти ёш авлодни аниқ фанларнинг турли йўналишлари бўйича кенг дунёқарашга эга бўлишини талаб қилади. Шунга кўра Олимпиада турли мавзулардаги: география, палеогеография, палеоботаника, палеозоология, палеонтология, картография, умумий геология, минералогия, петрография, структуравий геология ва фойдали қазилмалар геологияси фанларини ўз ичига олади. Олимпиадада иштирок этиш умумий назарий билим олиш билан бир қаторда, экстремал табиий шароитларда ўзларини тута билиш, дала экспедицияларини ташкил этиш, турли фавқулодда ҳолатларда қандай харакат қилишга қаратилган билимларини оширади. Буларнинг барчаси баркамол авлоднинг ривожланишига ёрдам беради.

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

    1. Олимпиада Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, Ўзбекистон Республикасининг таълимга оид бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда “Баркамол авлод йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилади.
    2. Олимпиада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат геология қўмитасига қарашли корхоналар атрофида жойлашган ҳамда Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларнинг геология фани ва касбига бўлган қизиқишларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини геологик экспедициялар, тадбир ва олимпиадалар орқали мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг мазкур соҳада эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини синовдан ўтказиш, шунингдек, жамият, давлат ва оила олдида ўз^жавобгарлигини ҳис этадиган авлодни тарбиялашни назарда тутади.
    3. Олимпиада Низомига Республика ташкилий қўмитасининг расмий таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
    4. Олимпиаданинг синов ва шартлари, умумтаълим мактабларининг география дарсликларидан ҳамда олимпиада ўтказиладиган ҳудуднинг географик, геологик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда тузилиши лозим.

II. ОЛИМПИАДА МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ:

    5. Мактаб ўқувчиларига табиий ер фанларига бўлган қизиқишини ошириш, ватанимиз табиатини, геологиясини, географиясини ва минерал- ресурсларидан унумли фойдаланиш ғояларини тарғиб этиш.
    6. Ватанимиз иқлим шароитини ва минерал ресурсларини ўзига хос хусусиятларини юзасидан билимларини ошириш.
    7. Мактаб ўқувчиларига турли табиий-иқлим шароитларда ҳамда фавқулодда вазиятларда ўзини тута билиш қобилиятини ошириш.
    8. Мактаб ўқувчилари орасидан табиий ер фанларига (география ва геология) қизиқувчан ва истеъдодлиларини аниқлаш.
    9. Мактабларда табиий ер фанлари (география, геология ва геоэкология) қўшимча таълим олишга жалб қилиш ва қизиқишини кучайтириш мақсадида мактабларда ташкил этилган “Ёш геолог” тўгаракларини такомиллаштириш.
    10. Мактаблардаги “Ёш геолог” тўгаракларига геология соҳаси фахрийларини ва соҳа мутахассисларни жалб қилиш.
    11. “Ёш геолог” тўгаракларида фаол иштирок этган, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириб бориш.

Ш. ОЛИМПИАДАНИНГ ТАШКИЛИЙ ҚЎМИТАСИ

    12. Олимпиадани ҳар томонлама юксак савияда ўтказиш, унинг мақсад- моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб этиш, мунтазам таҳлил олиб бориш юзасидан ҳар йили “Геология музейи” Давлат унитар корхонасида Республика ташкилий қўмитаси тузилади. Республика ташкилий қўмитаси мазкур олимпиадани ўтказиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар тузади ва амалга оширади, ҳамда ўтказилган олимпиада натижалари тўғрисида Давлат геология қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига ҳисобот беради.
    13. Олимпиада Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида, шунингдек, бошқа (таълимий, илмий ва моддий жиҳатдан ҳомийликни амалга оширувчи) ташкилот ва муассасаларнинг келишуви асосида ташкил қилинади.
    14. Олимпиадани ташкил этиш ва тайёргарлик кўриш ишлари Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

IV. ОЛИМПИАДА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

    15. Олимпиада 4 босқичда ўтказилади.
    1- босқич мактаб босқичи-март ойида;
    2- босқич туман (Тошкент шаҳри учун) босқичи-апрель ойида;
    3- босқич вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар) босқичи-май ойида;
    4- босқич Республика босқичи-июль ойида ўтказилади.
    16. Олимпиадани ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимлари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ва бошқа тузилмаларни ташкил этадилар.
    17. 1-босқичда табиий ер фанларига (география ва геология) қизиқувчи Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат геология қўмитасига қарашли корхоналар атрофида жойлашган ҳамда Тошкент шаҳридаги мактабларда таҳсил олаётган 6-9-синф ўқувчилари қатнашиш мумкин. Бу босқич олимпиада ташкилий қўмитаси томонидан тузилган саволлари бўйича ўтказилади. Биринчи босқич натижаларига кўра Тошкент шаҳри мактаблари 3 нафар ғолиб ўқувчилар рўйхатини (1-иловага мувофиқ) мактаб раҳбари имзоси ва тегишли мактаб муҳри билан тасдиқлаб туман (шаҳар) халқ таълим бўлимига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат геология қўмитасига қарашли корхоналар атрофида жойлашган мактаблари эса олимпиада ташкилий қўмитасига такдим этади.
    18. Олимпиаданинг 1-босқичи март ойида ўтказилади. Ушбу босқичда ҳар бир мактабдан ғолиб бўлган 3 нафар ўқувчи кейинги босқичга йўлланма олади.
    19. 2-босқичда Тошкент шаҳар умумтаълим мактабларидан йўлланма олган 3 нафар ғолиб ўқувчи қатнашади. Танловни ўтказиш жойи ва вақти ташкилий қўмита томонидан белгиланади. Иштирокчи ва ғолиб ўқувчилар рўйхати низомда келтирилган 2-иловага асосан Тошкент шаҳар халқ таълим бош бошқармаси ҳамда ташкилий қўтмитага такдим этилади.
    Ушбу босқичдан 5 нафар ғолиб ўқувчилар Тошкент шаҳар босқичига йўлланма олади.
    20. 3-босқичида ҳар бир туман (шаҳар)дан (Тошкент шаҳри учун) йўлланмани қўлга киритган 5 нафар ўқувчи иштирок этади. Ушбу босқич Республика ташкилий қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган топшириқлари асосида ўтказилади. 3-босқич иштирокчилари рўйхати низомда келтирилган 3-илова асосида Республика олимпиада ташкилий қўмитасига тақдим этилади.
    3-босқич ҳудудий геология қидирув экспедицияларида, Тошкент шаҳри учун эса “Давлат геология музейи” Давлат унитар корхонасида ўтказилади. Ушбу босқичда Тошкент шаҳридан 10 нафар ғолиблар, ҳудудлардан эса 3 нафардан ғолиблар республика босқичида иштирок этади
    21. Ҳудудларда ушбу босқич биттадан ортиқ таянч мактабларига эга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат геология қўмитасига қарашли корхоналар атрофида жойлашган умумтаълим мактаблари ғолиблари ўртасида ҳудудий геология қидирув экспедицияларида ўтказилади. Таянч мактаби битта бўлган ҳолда, ушбу мактабнинг ғолиб уч нафар ўқувчилари тўғридан-тўғри Республика босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
    22. Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги Давлат геология қўмитасига қарашли корхоналар атрофида жойлашган мактаблар ғолиб ўкувчилари иштирок этади. Олимпиаданинг республика босқичини юқори савияда ўтказиш чора- тадбирлар дастурини Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги билан ҳамкорлиқда ишлаб чиқилади.
    23. Олимпиадани ўтказилиши тўғрисидаги барча маълумотлар www.uzgeolcom.uz, www.uzedu.uz ва www.muzeygeologii.uz cайтларида ёритилиб борилади.

V. ОЛИМПИАДАНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

    24. Олимпиаданинг моддий ва техник таъминоти Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси тармоғидаги давлат корхоналари ва бошқа ташкилотлар томонидан молиявий ажратмалар орқали амалга оширилади.
    25. Олимпиадани юксак савияда ўтказиш учун ҳомий ва мутасадди ташкилотларнинг маблағлари жалб қилиниши мумкин.
    
    

VI. ОЛИМПИАДАНИНГ СИНОВ ШАРТЛАРИ

    26. Олимпиадада мўлжал олиш (ориентировка), жой планини тузиш, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, азимутни аниқлаш, минерал жинслар ва ўсимликлар номини аниқлаш, минералогия, фойдали қазилмалар юзасидан билимлари синовдан ўтказилади. 'Шунингдек, геологик қирқим тузиш, геологик съёмкалар тўғрисида ҳисобот ёзиш, геологик сайёҳат, очилмаларни тавсифлаш, дала лагерларини (чодир) қуриш ва техника хавфсизлиги (арқон боғлаш, табиий тўсиқлардан ўтиш ва ҳ.к.) бўйича амалий синовлар ўтказилади.

VII. ҒОЛИБЛАР ВА УЛАРНИНГ УСТОЗЛАРИНИ ТАҚДИРЛАШ

    27. Олимпиаданинг 3- босқич ғолиблари Республика босқичида иштирок этиши учун Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитасига қарашли Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Геолог” болалар соғломлаштириш оромгоҳига йўлланма билан тақдирланади.
    28. Олимпиаданинг 4-босқич қатнашчилари “Ёш геолог” кўкрак нишони ва Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совгалар билан тақдирланади.
    29. Алоҳида йўналишлар бўйича юқори кўрсаткичга эришган олимпиада иштирокчилари рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланади.
    30. Ташкилий қўмита қарорига кўра фаол қатнашган устозлар, ўқитувчилар фахрий ёрлиқ ва мукофотлар билан тақдирланади.